Вилоят судлари раислари учун 26 та Skoda Kodiaq ва 3 та Malibu автомобиллари харид қилинди. Автомобиллар нархи 10,1 млрд сўмга тенг дея баҳоланмоқда. Олий суднинг изоҳлашича, олдинги хизмат автомобилларининг «яроқлилик муддати ўтган, шунингдек улар маънавий ва жисмоний жиҳатдан ҳам эскирган».
Мудофаа вазирлиги 30 млн сўмга иккита олтиндан ишланган қалам сотиб олишни режалаштирмоқда. Аввал ҳам премиум тоифадаги иш юритиш материаллари сотиб олинган. Бунга мисол қилиб, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги расмий делегацияларни қабул қилиш уйи ва президент администрацияси маъмурий бўлими давлат қароргоҳлари дирекцияси амалга оширган харидларни олиш мумкин.
Қонунчилик палатаси биносининг ташқи кўриниши реконструкция қилиш ва бинони жорий таъмирлаш учун 16,54 млрд сўм ажратиш режа қилинган. Пудратчи сифатида «Трест-12» (акционерлари орасида қурилиш вазирининг ўғли ва рафиқаси борлиги ҳақида ёзган эдик) иштирок этмоқда. Ҳукумат буйруғи билан лойиҳани тендерсиз амалга ошириш ва параллел равишда лойиҳалаштиришга рухсат берилган.
Маданият вазирлиги мансабдорлари тадбиркорлик субъектини асоссиз равишда танловда ғолиб сифатида кўрсатганлиги натижасида, мусиқа асбобларини ҳақиқий бозор баҳосидан 792,2 млн сўмга қиммат нархда сотиб олган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Йил бошидан буён ИИВ давлат харидлари доирасида 48,5 млрд сўмга 50 та автозак, 16 та тентли юк машинаси, 30 та автобус ва бошқа транспорт воситаларини сотиб олди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Жиззах вилоятида таъсисчилари орасида вилоят ҳокимининг қизи ҳам бўлган компания кўчаларни кўкаламзорлаштириш бўйича иккита танловда ғолиб чиққани билан боғлиқ ҳолатни ўрганишини маълум қилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов давлат хизматчиларининг хизмат машиналаридан шахсий ва оилавий мақсадларда фойдаланиши одатий ҳолга айланганини таъкидлади. У ҳокимлар томонидан бюджет маблағлари ҳисобидан қиммат машиналарни сотиб олиш ҳолатлари оз эмас, ўнлаб юз берганини маълум қилди.
Бош прокуратура UzAuto Motors`дан Lacetti, Equinox ва Тrailblazer сотиб олгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берар экан, Тrailblazer сотиб олинганини рад этди. Шунингдек, ушбу автомобиллар қандай мақсадларда ва қайси манбалар ҳисобига олинганини ошкор қилди.
24 январь куни президентнинг парламентга йўллаган мурожаатномасига бағишланган тадбирни Халқаро конгресс марказида ташкиллаштириш учун 1,76 млрд сўм сарфланган. Харажатларнинг катта қисми — деярли 1,5 млрд сўми меҳмонларни овқатлантиришга тўғри келмоқда.
Янги ташкил этилган Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси давлат харидлари доирасида 1,5 млрд сўмга Chevrolet Tahoe, иккита Malibu ва Lacetti сотиб олди.
Зарбдор тумани ҳокимлигида маҳалла ишлари бўйича ҳоким ўринбосарига автомобиль етишмаган. Кейин туман раҳбари биринчи ўринбосарига ўзининг Captiva автомашинасини берган ва ўз навбатида у Lacetti русумли хизмат автомобилини ҳокимнинг маҳалла ишлари бўйича ўринбосарига топширган. Ҳокимнинг ўзи учун эса 370 млн сўм эвазига Trailblazer сотиб олинган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Паркент тумани ҳокимлиги Captiva автомашинасини ҳокимнинг ўғли муассислар рўйхатида бўлган компаниядан сотиб олиб, давлат харидлари тўғрисидаги қонун талабларини бузганини маълум қилди. Автомобиль сотиб олиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди. Тошкент вилояти прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Паркент тумани ҳокимлиги ҳокимнинг ўғли тасисчи бўлган компаниядан Captiva автомобили харид қилган. Тошкент вилояти матбуот хизматининг тушунтиришича, компания машина ҳокимликка 2019 йилда топширган, лекин ҳокимиятда етарли маблағ бўлмаганлиги боис пул ўтказмаларини кейинроқ амалга оширишга розилик берган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолат юзасидан Бош прокуратурага сўровнома юборди.
Президент қарорига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 ноябрдан хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хизматлар давлат харидларида иштирок этиши вақтинчалик тақиқланади ва чегараланади. Шунингдек, 5236 та амалдаги стандартлар бекор қилинади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг